0300 Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни ҳисобга олувчи счётлар

0300 «Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни ҳисобга олувчи счётлар » счети

Корхона молиявий ижара шартномаси бўйича олган асосий воситаларнинг мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги ахборотларни умумлаштириш 0310 «Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни ҳисобга олувчи» счётда амалга оширилади. Ушбу счёт ижарачи корхоналарда қўлланилади.

Корхона томонидан оператив ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалар ҳисоби балансдан ташқари 001 «Оператив ижарага олинган асосий воситалар» счётида юритилади.

Корхонага молиявий ижара шартлари асосида келиб тушган асосий воситалар 0310 «Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни ҳисобга олувчи» счётининг дебети ва 6950 «Узоқ муддатли мажбуриятлар — жорий қисми» ҳамда 7910 «Тўланадиган молиявий ижара» счётининг кредитида акс эттирилади.

Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалардан фойдаланганлик учун ижарага берувчига тўланадиган жорий тўловлар 6950 «Узоқ муддатли мажбуриятлар — жорий қисми» счётининг дебети ва пул маблағларини ҳисобга олувчи счётларнинг кредитида акс эттирилади.

Молиявий ижара шартномаси бўйича ҳисобланган фоизлар суммаси қуйидагича акс эттирилади:

а) ижарачида 9610 «Фоизлар кўринишидаги харажатлар» счётининг дебети ва 6920 «Ҳисобланган фоизлар» счётининг кредитида;

б) ижарага берувчида 4830 «Олинадиган фоизлар» счётининг дебети ва 9550 «Молиявий ижарадан даромадлар» счётининг кредитида акс эттирилади.

Молиявий ижара шартномасининг шартларига мувофиқ (ёки ижарага берувчи ва ижарачининг қўшимча келишуви асосида) ижарага олинган асосий воситалар ижарачи корхонанинг мулкига ўтиши, ҳисобда асосий воситаларни ҳисобга олувчи (0100) счётларнинг тегишли счётлари дебети ва «0310 «Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалар» счётининг кредитида тегишли асосий воситалар турлари бўйича ёзувлар амалга оширилади. Бир вақтнинг ўзида ушбу объект бўйича 0299 «Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларнинг эскириши» счётида ҳисоблаб борилган эскириш суммаси тегишли асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётларга ўтказилади.

Агар молиявий ижара шартномасининг тугаши билан асосий восита объектлари ижарага берувчига қайтарилса, у ҳолда ҳисобда 0299 «Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларнинг эскириши» счётининг дебети ва 0310 «Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалар» счётининг кредити бўйича ёзувлар амалга оширилади.

Агар ижарага олинган асосий воситалар молиявий ижара шартномасининг муддати тугашига қадар ижарага берувчига қайтарилса, у ҳолда ҳисобда 0310 «Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалар» счётининг кредити ва 0299 «Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларнинг эскириши» (ҳисобланган эскириш суммасига), 6950 «Узоқ муддатли мажбуриятлар — жорий қисми», 7910 «Тўланадиган молиявий ижара» (ижара тўловларининг қолдиқ суммасига) счётларининг дебети бўйича ёзувлар амалга оширилади.

Аналитик ҳисоб 0310 «Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалар» счёти бўйича асосий воситаларнинг турлари ва алоҳида инвентарь объектлари бўйича юритилади.

Операция мазмуни дебет кредит
Молиявий ижара шартномаси бўйича асосий воситаларнинг келиб тушиши, узоқ муддатли мажбуриятларнинг жорий қисмига
0310
6950
Молиявий ижара шартномаси бўйича асосий воситаларнинг келиб тушиши, ижара бўйича узоқ муддатли мажбуриятларга 0310
7910
Молиявий ижара бўйича узоқ муддатли мажбуриятларнинг ҳар йили жорий қисмига ўтказилиши 7910 6950
Молиявий ижара шартномасининг муддати тугагунига қадар ижарага берувчига қайтарилган объектга ҳисобланган эскириш суммаси 0299 0310
Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни қайта баҳолаш:
а) қийматининг оширилиши;
б) қийматининг камайтирилиши.
0310
8510
8510
0310